ДКнинг мақсади, вазифалари ва функциялари
Наркотик моддаларни ноқонуний айланишига қарши курашиш ҳамда республиканинг ҳалқаро мажбуриятларини бажариш мақсадида Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб юритилади) Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 30 апрелдаги 229-сон қарори билан ташкил этилган.
Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси наркотик моддаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши курашни мувофиқлаштириш, ҳам миллий, ҳам минтақалар даражасида наркотик моддалар тарқалиши олдини олишнинг самарали чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, наркотик моддалар устидан назорат қилиш юзасидан халқаро мажбуриятларни бажариш масалалари бўйича идоралараро орган ҳисобланади
Комиссияга куйидаги асосий вазифалар ва функциялар юклатилади:
-
наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича умумдавлат дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишга кўмаклашиш;
-
барча давлат органлари, жамоат ташкилотлари, меҳнат жамоалари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини наркотик воситаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши кураш олиб боришнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларини ҳал этишга бирлаштириш ва жамлаш ва мана шу мақсадларда жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий-тарбиявий имкониятларидан кенг фойдаланиш;
-
доимий равишда тегишли ҳудудда, зарурият бўлганда эса — алоҳида жойларда наркотик воситаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши курашнинг аҳволини комплекс баҳолаш; унинг ёмонлашувига муносабат билдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
-
наркотик воситалар устидан назорат қилиш бўйича республика оператив ахборот марказини ташкил этишга ва унинг фаолиятини такомиллаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирликлари ва идоралари билан, шунингдек, МДҲ қатнашчиси бўлган мамлакатлар ва бошқа хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ахборотни эркин ва тўсиқсиз айирбошлашни таъминлаш учун марказ билан наркотик моддалар устидан назоратни амалга оширувчи ташкилотлар ўртасида ягона тармоқ ташкил этишга кўмаклашиш;
-
наркотик моддалар устидан назорат қилиш билан боғлиқ бўлган барча ташкилотларга хизматлар кўрсатиш учун республика суд экспертизаси хизмати (криминалистик лабораторияни ташкил этишга ва унинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
-
наркотик моддалар устидан назорат қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларнинг йўналишини белгилаш ва бу тадқиқотларни мувофиқлаштириш;
-
хизмат-қидирув итлари тайёрлаш бўйича республика марказини ташкил этишга ва унинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
-
наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича дастурларни маблағ билан таъминлаш учун маблағларни жалб этиш ишида давлат, жамоат, диний ва хайрия ташкилотлари, муассасалар ва корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
-
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини малакали ходимлар билан мустаҳкамлаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Бу органларга моддий-техникавий ва молиявий ёрдам кўрсатиш; уларнинг иш амалиётига наркотик моддаларни излаш, топиш ва идентификациялаш бўйича илмий ютуқлар ва илғор тажрибани жорий этиш;
-
наркотик моддаларнинг республика орқали МДҲ мамлакатларига ва Ғарб давлатларига ноқонуний олиб ўтиладиган йўлларни тўсиб қўйиш, маҳаллий хом ашёдан тайёрланадиган наркотик моддалар етказиб берилишига барҳам бериш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг наркотик моддалар устидан назорат қилиш билан боғлик ташкилотларининг хорижий мамлакатларнинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;
-
БМТнинг 1961, 1971 ва 1988 йиллардаги Конвенцияларига ва бошқа халқаро битимларга мувофиқ халқаро ва миллий назорат остига олиниши керак бўлган наркотик воситалар, бошқа моддалар рўйхатини тасдиқлаш, ушбу рўйхатлар бўйича расмий тушунтиришлар бериш;
-
ноқонуний муомалага чиқариш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келадиган халқаро ва миллий назоратда бўлган наркотик воситалар ва бошқа моддалар ҳажмларини аниқлаш;
-
таркибида наркотик воситалар мавжуд бўлган дори-дармонлар ва препаратларни ишлаб чиқариш, сақлаш, транспортда ташиш ва қонуний фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий ва назорат-техник қоидаларни ишлаб чиқиш, уларни қўллашга ваколат берилган давлат органлари томонидан уларнинг қўлланиши устидан назорат қилишни ташкил этиш;
-
наркотик воситаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши кураш олиб бориш чора-тадбирларини амалга оширишга йўналтириладиган молиявий маблағлар ва моддий ресурсларни тақсимлаш;
-
наркотик моддалар муомаласининг турли жиҳатларига тегишли бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулосаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;
-
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида наркотик моддалар устидан назорат қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;
-
наркотик воситаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши кураш олиб бориш масалалари бўйича МДҲга кирувчи давлатлар билан битимлар лойиҳаларига, шунингдек, бошқа хорижий мамлакатлар билан битимлар лойиҳаларига таклифлар тайёрланишини таъминлаш;
-
наркотик моддаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига ва уларни суиистеъмол қилишга қарши кураш олиб бориш соҳасида халқаро битимларда назарда тутилган Ўзбекистоннинг мажбуриятлари вазирликлар ва идоралар томонидан бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;
-
наркотик моддалар устидан назорат қилиш масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар фаолиятида белгиланган тартибда қатнашиш;
-
наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича иш тажрибасини ўрганиш учун тегишли номзодларни танлаш ва уларни хорижий мамлакатларга юбориш;
-
наркотик воситаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши кураш олиб бориш бўйича тажриба алмашиш учун миллий ва халқаро семинарлар, конференциялар ва симпозиумлар ташкил этиш.
Комиссияга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири - Комиссия раиси бошчилик қилади. Комиссияни ўринбосари Миллий марказнинг Директори ҳисобланади.
Комиссия таркибига ички ишлар органлари, миллий хавфсизлик хизмати, божхона органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва бошқа давлат органлари раҳбарлари кирадилар.
Комиссиянинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.