UZ РУ EN

Ишонч телефони

(+998 71) 239-10-63

НМНҚММ нинг асосий мақсад ва вазифалари

Наркотик моддаларни ноқонуний айланишига қарши курашиш ҳамда республиканинг ҳалқаро мажбуриятларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази (кейинги ўринларда — Миллий ахборот-таҳлил маркази) Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 7 ноябрдаги 382-сон қарори билан ташкил этилган.

Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг доимий ишловчи аппарати ҳисобланади.

НМНҚММ нинг асосий мақсад ва вазифалари:

  • Ўзбекистон Республикасининг наркотик моддаларни назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш стратегияси ва асосий йўналишларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;

  • наркотик моддаларни назорат қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида давлат дастури ва давлатлараро ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

  • гиёҳвандликнинг аҳволи, ҳам миллий, ҳам халқаро даражаларда наркотик моддалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний ишлатилишига қарши курашишни такомиллаштириш масалалари бўйича Ҳукуматга, Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясига тегишли таҳлилий материаллар ва таклифларни тайёрлаш;

  • маълумотлар банкини йиғиш ва уларни шакллантириш, умумлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, шунингдек гиёҳвандликнинг олдини олиш ҳамда республикада ва унинг ташқарисида наркотик моддаларни назорат қилиш масалалари бўйича манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотларга, шу жумладан халқаро ташкилотларга тегишли ахборотни белгиланган тартибда бериш;

  • бошқа мамлакатларнинг наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича марказий органлари, тегишли хизматлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни ўз ваколати доирасида ўрнатади ва амалга оширади, ахборот айирбошлашни белгиланган тартибда ташкил этади;

  • наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича халқаро фаолиятни тартибга солувчи конвенциялар қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси томонидан бажарилиши юзасидан БМТга йиллик маърузалар тайёрлайди;

  • гиёҳвандликнинг олдини олиш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний ишлатилишига қарши курашиш бўйича халқаро ва республика тажрибасини ўрганади, умумлаштиради ва тарқатади, миллий ва халқаро семинарлар, конференциялар ва симпозиумларни тайёрлаш ва ўтказишда республика давлат бошқарув органларига ўз ваколати доирасида ёрдам кўрсатади;

  • вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига гиёҳвандлик ёйилишининг oлдини олиш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний ишлатилишига қарши курашиш билан бевосита шуғулланувчи уларга қарашли бўлинмалар фаолиятини ташкил этишда ўз ваколати доирасида тегишли услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

  • Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясига бюджетдан ажратиладиган, шунингдек корхоналар, муассасалар, хусусий шахслар, халқаро фондлар ва ташкилотлардан келиб тушадиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандликни бартараф этиш ҳамда наркотик моддаларнинг ноқонуний ишлатилишига қарши курашишга йўналтирилган молиявий маблағлардан фойдаланиш бўйича таклифлар киритади.

Миллий ахборот-таҳлил марказини директор бошқаради, у Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси раисининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.