UZ РУ EN

Ишонч телефони

(+998 71) 239-10-63

Наркология муассасалари

  • Маълумот

    Наркология даволаш муассасалари

    Ўзбекистон Республикасида наркологик касалликларни даволашнинг мақсади барқарор ремиссияга эришиш ва наркологик касалликларни қайталаниши профилактикасидир. Бу эса даволаш–реабилитация чораларга тизимли ёндошувни талаб этади.

    Наркологик муассасалар амалиётига гиёҳванд моддаларга қарам шахсларнинг тиббий, психологик ва ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондиришда яхлит ёндошувга асосланган наркологик ёрдамнинг янги модели жорий қилинган бўлиб, у терапевтик тадбирларнинг сифати ва самарадорлигини таъминлашга, хизматлар турларини кўпайтиришга, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларнинг даволаш-профилактика дастурларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга йўналтирилган. Моделнинг таркиби детоксикация, абстиненциядан сўнгги бузилишларга дори воситалари билан чек қўйиш, стационар ва амбулатория шароитида реабилитация ва қайталаниш (рецидив)га қарши терапиядан иборат. Муолажалар қатъий белгиланган изчилликда, беморни аста-секин стационар даволашдан амбулатория босқичига ўтказиш орқали амалга оширилади. Якуний мақсад – мижозни гиёҳванд моддаларсиз ҳаётга мослаштириш ва жамиятга қайта интеграция қилишдир.    

    Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 34-моддасига мувофиқ, гиёҳвандлик ва токсикомания билан касалланган беморларни даволаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилган воситалар ва усуллардан фойдаланилади. “Наркологик беморларга ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация стандартлари”да мустаҳкамлаб қўйилган. Наркологик ёрдам кўрсатишда қуйидаги асосий тамойиларига амал қилинади:

    • наркологик ёрдамдан (стационарда, амбулаторияда, кундузги стационарда, реабилитация марказларда даволаниш ва ҳ.) фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги;

    • малакали тиббий ёрдам олишдан тенг фойдаланиш имконияти;

    • кафолатланган аноним рўйхат (анонимлик, махфийлик);

    • наркологик ёрдамни ташкил этишнинг кўп босқичлилиги;

    • эксперт фаолияти (ташхис қўйиш, гиёҳванд моддадан мастлик ҳолатини, психофаол моддалар истеъмол қилганликни, мажбурий даволашга йўналтириш заруриятини аниқлаш учун экспертизалар ўтказиш);

    • маслаҳат функциялари;

    • наркологик вазиятнинг табақалаштирилган мониторинги;

    • аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини тартибга солиш жараёнларини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва қонуний таъминлаш.  

    Ўзбекистон Республикасида наркологик рўйхат тизими амал қилади, у ўз ичига диспансер рўйхати ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларни профилактик кузатишни қамраб олади.

    Психофаол моддаларни нотиббий истеъмол қилишга йўл қўядиган шахслар тиббий кўрикдаш ўтиш учун ихтиёрий равишда ёки уларга суд-тергов органлари, шунингдек тиббий муассасалар томонидан давлат соғлиқни сақлаш тизимининг наркологик муассасаларига йўналтирилади .  

    Гиёҳвандлик қарамлик ташхиси қўйилганда улар диспансер рўйхатига ва амбулатория наркологик бўлинмаларда динамик кузатув остига олиниши керак. Ташхис амбулатория шароитларида ҳам, станционар шароитда ҳам шифокор-нарколог томонидан батафсил текширув асосида қўйилиши мумкин.

    Гиёҳвандлик қарамлик ташхисидан норози бўлган тақдирда фуқаро соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори органларга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

    Диспансер рўйҳатига қўйиш ҳақидаги қарор наркологик муассасанинг врачлик-маслаҳат комиссияси томонидан қабул қилинади. Диспансер рўйхати гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларнинг турар-жойига кўра ҳудудий наркологик муассасада амалга оширилади.  

    Ихтиёрий равишда аноним даволаниш хоналарига мурожаат қилган шахслар бундан мустасно. Бу ҳолда мижозларни диспансерда кузатиш амалга оширилмайди.

    Касаллик ремиссиясиз давом этадиган беморлар ва илк бор наркологик ёрдам сўраб мурожаат этган шахслар амбулатория шароитларида камида ойига 1 марта кўрикдан ўтказилади. Диспансер кузатуви давомида беморлар узоқ муддатли ремиссия ҳолатини таъминловчи малакали тиббий ёрдам олишлари керак. Барқарор ремиссияга эришилса, давомийлиги 3 йилга тенг диспансер ҳисоби муддати белгиланади. Ремиссиянинг биринчи йилида мижоз ойига 1 марта, иккинчи йили – 2 ойда 1 марта, учинчи йили – 3 ойда 1 марта кўрикдан ўтади.

    Диспансер ҳисоби қуйидаги сабабларга кўра тўхтатилиши мумкин:

    • барқарор ремиссия (3 йил давомида ҳар қандай психологк фаол моддалар, шу жумладан алкоголдан сақланиш);

    • турар-жойини наркологик муассаса хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарига ўзгартириш;

    • 1 йилдан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиш;  

    • ўлим.

    Барқарор ремиссия туфайли диспансер ҳисобидан чиқарилиши мижозни кузатув остига олган наркологик муассасанинг врачлик-маслаҳат комиссиянинг хулосаси асосида амалга оширилади.

    Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган, лекин қарамликнинг клиник белгилари шаклланмаган ҳолларда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар профилактик кузатув остида бўлишини тақозо этилади. Профилактик кузатувнинг мақсади гиёҳвандликни шаклланишининг олдини олишдан иборат. Профилактик ҳисобда турувчи гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар ойига камида 1 марта кўрикдан ўтказилади. Наркотикларни истеъмол қилиш тўлиқ тўхтатилган ва қарамлик белгилари бўлмаган ҳолда профилактик кузатишни муддати 1 йил билан чекланади. Наркотикларни истеъмол қилишни давом этиш ва гиёҳванд моддаларга қарамлик синдроми шаклланган ҳолда бемор диспансер ҳисобига олинади.

    Республикада наркология хизмати қуйидаги ихтисослаштирилган муассасалардан ташкил топган: Республика наркологик маркази, 15 та наркологик диспансерлар (уларнинг 13 таси стационар бўлимларга эга), 2 наркологик стационар, руҳий касалликлар шифохонасидаги 7 та наркологик бўлинма. Жойлардаги марказий поликлиникалар қошида наркологик кабинетлар ташкил қилинган.

    Айни пайтда, хусусий мулкчилик шаклидаги клиникалар ҳам аҳолига наркологик ёрдам кўрсатмоқда.

    Ихтисослаштирилган наркологик хизматнинг бош муассасаси сифатида 2010 йилдан буён Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг (ТошВМИ) наркология ва ўсмирлар психопатологияси кафедраси фаолият кўрсатиб, наркологик ёрдам хизматларига услубий бошқарувни амалга ошириб келмоқда.  

    Наркология соҳасини замонавий ривожини эътиборга олган ҳолда, республикада наркологик ёрдам кўрсатишда тиббий моделдан реабилитация (яъни тиббий-психологик-ижтимоий) моделига босқичма-босқич ўтилмоқда.

    Шу муносабат билан Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан наркология диспансерларида тиббий ижтимоий реабилитация бўлимлари ташкил этилиб, амбулатория ва стационар шароитида амалга ошииладиган реабилитацион даструлар ва психотерапиянинг махсус услублари тадбиқ этилмоқда.

    Наркологик муассасаларда жорий этилган тиббий-ижтимоий реабилитация дастурларида қуйидаги психотерапевтик техникалардан фойдаланилади:

    • манипулятив психотерапия;

    • мотивацион маслаҳат бериш;

    • гуруҳли рационал психотерапия, ахборот гуруҳлари, гуруҳли тренинглар (коммуникатив, сенситив, ассертив, креатив, стрессларга чидамлилик, танага йўналтирилган, рецидивга қарши), арт-терапия, континуаль психотерапия, аутотренинг, медитациялар, холотроп нафас олиш, трансакт таҳлил, гештальт-терапия, маданий терапия, ҳис-ҳаяжонли-стресс терапия, оилавий психотерапия, психодиагностик тест ўтказиш. Беморларнинг яқинлари билан хам иш олиб борилмоқда.

    Реабилитация дастурларига реабилитация салоҳияти даражаси турлича бўлган, гиёҳванд модда ва бошқа психофаол моддаларга қарамлик ташхиси қўйилган ва ёрдам сўраб мурожаат этган барча беморлар қабул қилинади. Жумладан, ўртача реабилитация салоҳиятига эга беморлар учун у ёки бу даражада узоқ давом этадиган ремиссияга ва шахс мақомига эришишга ёрдам берадиган реабилитация дастурларининг компонентларидан фойдаланилади. Реабилитация даражаси паст бўлган беморлар учун – зарарни камайтириш ва салбий оқибатларни имкон қадар камайтириш қўлланилади (дастурнинг биринчи босқичи).

    Психофаол моддаларга қарам шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация дастурларига қабул қилиш мезонлари қуйидагича:

    • олдиндан детоксикация курсини қабул қилиш;

    • мижозда кимёвий қарамликдан қутилишга асослар борлиги;

    • мижозларда контагиоз инфекцияларнинг йўқлиги (ОИВ/ОИТС ташхиси дастурларда иштирок этишга тўсиқ бўла олмайди);

    • шошилинч терапевтик чораларни талаб қилувчи ҳолатларни йўқлиги.

    Тиббий-ижтимоий реабилитация дастурлари қуйидагиларни қамраб олади: психотерапевтик ва психологик блоклар, муҳит, бандлик терапияси, оила билан иш олиб бориш.

    Шунингдек, тиббий ижтимоий реабилитацияни амалга оширишда беморларни ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш учун стандартлашган кўп йўналишли скрининг ва баҳолашни инструменти –“касалликни оғирлик индекси” (КОИ) қўлланилади. КОИ беморни тиббий ва ижтимоий муаммолари ҳақида тўлиқ маълумотни йиғиш ва касаллигини оғирлигини баҳолаш, даволаш турини танлаш ва кўрсатилган ёрдамни сифатини кўтаришга қаратилган.

    Дастурларни амалга ошириш учун наркология диспансерларида нарколог-врач, психотерапевт, клиник психолог ва ижтимоий ходимлардан иборат реабилитацион бригадалар ташкил қилинган.

    Наркотик моддаларни истеъмол қилувчиларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати устидан назорат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари. Нодавлат ташкилотлари даволаш ёрдами сифатини таъминлаш жараёнига жалб қилинмаган.  

    Даволаш ёрдами сифати ҳудудларга чиқувчи малакали мутахассис наркологлар томонидан даволаш-реабилитация жараёнлари, моддий-техник базанинг ҳолати, кадрлар билан, дори-дармонлар ва тиббий техника билан таъминланганлигини каби кўрсаткичлари асосида баҳоланади. Танланган даволаш чоралари мажмуаси тўғрилиги ва тасдиқланган диагностика, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация стандартларига мослигини текшириш бирламчи тиббий ҳужжатлар (касаллик тарихи, амбулатория картаси ва б.), даволаш самарадорлигини акс эттирувчи статистик ҳисоботлар, сўровлар ва беморларни кўрикдан ўтказиш орқали амалга оширилади.

    Бундан ташқари, республикада наркология ва реабилитация муассасаларини фаолияти самарадорлигини баллар асосида баҳолаш тизими (4 балли шкала) татбиқ этилган.

    Тасдиқланган йўриқномага мувофиқ ҳар йили туман наркология кабинетларидан то Республика наркология марказигача, яъни наркологик хизмат ташкилий тузилмасининг барча поғоналарида барча асосий фаолият турлари самарадорилиги баҳоланади.  

    Худуддаги наркологик ёрдам самарадорлигининг умумлаштирилган баҳосини аниқлаш учун олдиндан диспансер кузатувида бўлган ҳар бир беморга кўрсатиладиган ёрдам самарадорлиги тиббий ва ижтимоий кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда баҳоланади.

    Тиббий кўрсаткичларга гиёҳванд моддага қарамликни эрта аниқлаш, тиббий-ижтимоий реабилитацияси ва профилактикаси киради. Ижтимоий кўрсаткичларга меҳнат ва оилавий кўникмаларини даражаси, ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатни профилактикаси киради.  

    Кейинчалик ҳар бир шифокор, ҳар бир наркологик диспансернинг амбулатория ва стационар хизмати, шунингдек МДПМ фаолияти баҳоланади. Аноним даволаниш ҳолатида унинг самарадорлигининг балли баҳоси беморлар ва уларнинг қариндошлари ўртасида сўровлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Туман, шаҳар, вилоят, республика наркологик хизмати самарадорлининг умумий баҳоси чиқарилади.  

    Ушбу тизим тамойилини тушуниш учун иккиламчи профилактика самарадорлиги жиҳатларидан бири бўлган гиёҳвандлик ва токсикомания билан касалланган беморларга амбулатория ёрдамининг самарадорлигини баҳолайлик:

    • Психофаол модда (ПФМ)ни қабул қилишни тўхтатиш – 1 балл

    • ПФМ ни эпизодик қабул қилишни тўхтатиш – 2 балл

    • қарамлик шаклланмаган ҳолда ПФМ ни эпизодик қабул қилишдан доимий истеъмол қилишга ўтиш – 3 балл

    • ПФМ га қарамликнинг шаклланиши (ҳисобот йилида) – 4 балл.

    Участка наркологи профилактик гуруҳга кирувчи ҳар бир шахс учун тегишли баллни аниқлайди. Олинган баллар йиғилиб, барча профилактик гуруҳда турувчи шахслар учун умумий балл чиқарилади. Баллар йиғиндиси ҳисобда турувчи шахслар сонига бўлинади, бўлинишдан олинган сон:

    • <1 баллдан – самарадорлиги юқори;

    • >1 < 2 балл – ўртача самарадорлик;

    • 2 балл – паст самарадорлик;

    • 4 баллга етса – нолга тенг самарадорлик деб баҳоланади.

    Наркологик ёрдамни кўрсатилишини тартибга солувчи меъерий хуқуқий база қуйидагилардан иборатдир:

    • Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 29 августдаги “Фуқаролар соғлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни фуқароларнинг соғлиги давлат томонидан муҳофаза қилиниши борасидаги ҳуқуқлари кафолатларини, ҳар қандай касалланиш ҳолларида, шу жумладан, гиёҳвандлик билан касалланганда ҳам камситилишдан сақланишини таъминлайди. Аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан фойдаланиши мумкинлиги тамойилини эълон қилади, тиббий аралашув ўтказилиши, фақат қўлланилишига рухсат берилган терапевтик усуллар, тиббий технологиялар ва доривор препаратлардан фойдаланиш бўйича маълум қилинган ихтиёрий розилик ҳуқуқини мустаҳкамлайди. Маҳаллий давлат органлари зиммасига соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни сифати устидан назорат юклатилади.

    • 1999 йил 19 августдаги “Наркотик воситалар ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонун гиёҳванд моддаларга қарам кишиларга давлат даволаш-профилактика муассасаларида бепул наркологик ёрдамни хар қандай тури (текширувдан ўтказиш, маслаҳат бериш, ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация) кўрсатилишини кафолатлайди. Ихтиёрий равишда мурожаат этган беморларга даволашнинг анонимлиги кўзда тутилган. Гиёҳвандик ва токсикоманияни даволашда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таъқиқланмаган усуллар ва воситалардан фойдаланишни мустаҳкамлайди.  

    • 1992 йил 9 декабрдаги “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки токсикоманияга учраган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги қонунда жамоат тартибини бузувчи ва бошқа одамларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи гиёҳвандликка учраган шахсларнинг фақат суд қарорига кўра мажбурий даволанишини кўзда тутади.  

    • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1998 йил 28 январдаги 39-сонли “Республика аҳолисига наркологик ёрдамни янада яхшилаш чоралари тўғрисида”ги буйруғи билан наркологик диспансер ва участка наркологи тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унинг асосий вазифалари ва функциялари, расмий тасдиқланган ҳисоб маълумотларига статистик ишлов бериш орқали даволаш ва профилактика ёрдам кўрсатилишининг самарадорлигининг йиллик таҳлили белгилаб берилган.

    • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2005 йил 15 июлдаги 278-сонли “Наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни нотиббий истеъмол қилишга йўл қўйувчи шахсларни, гиёҳвандлик ва токсикоманияга учраган беморларни ҳисобга олиш ва кузатиш тартиби тўғрисида”ги буйруғи билан диспансер ҳисобини юритиш муддати, беморлар ва профилактик гуруҳга кирувчи шахсларни кўрикдан ўтказишнинг даврийлиги белгилаб берилган.

    • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2006 йил 12 октябрдаги 433-сонли буйруғи билан наркологик беморлар диагностикаси, даволаниши ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси стандартлари белгиланган. Стандартларда касалланиш босқичи ва психофаол модда турига боғлиқ ҳолда диагностика жараёнлари, лаборатория таҳлиллари, даволаш услуллари санаб ўтилган. Ижтимоий-тиббий реабилитация усуллари стандартлари ўз ичига даволаш-реабилитация босқичларини, реабилитация ишлари самарадорлигини баҳолаш мезонларини, амбулатория ва стационар тиббий-ижтимоий реабилитацияга кўрсаткичларни, шунингдек тиббий-ижтимоий реабилитация дастурида ишловчи шифокорларга талабларни қамраб олган. Тиббий-ижтимоий реабилитация дастурини самарадорлигини мониторинги учун Стандартлар иловасида ишлаб чиқилган сўровнома келтирилган. Сўровномада мижознинг жинси, ёши, реабилитация салоҳиятининг даражаси каби хусусиятлари кўзда тутилган. Шунингдек, у реабилитацияни ўтказиш шартлари, давомийлиги, якунланган босқичлари, тиббий хизматлар рўйхати, терапия турлари, фойдаланилган психотерапия йўналишлари ва усуллари, дастур ўтганидан сўнг ремиссиянинг давомийлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган.

    • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2008 йил 8 сентябрдаги 403-сонли “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғида станционарга эга барча наркологик диспансерларда, шунингдек наркологик касалхоналарда тиббий-ижтимоий реабилитация бўлимларини ташкил этиш, наркологик беморларнинг амбулатория реабилитацияси дастурларининг жорий этилиши, мажбурий даволаш амалга ошириладиган ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-ижтимоий реабилитацияни ўтказишни ташкил этиш кўзда тутилган. Психотерапевтлар, клиник руҳшунослар ва ижтимоий соҳа ходим штатлари киритилган. Наркологик муассасалар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича йўриқнома ва тиббий-ижтимоий реабилитация бўйича йиллик ҳисобот шакли тасдиқланган.  

    • бошқа меъерий хуқуқий хужжатлар.

    Бу борада кенгайтирилган маълумотга эга бўлиш учун Соғликни сақлаш вазирлигига мурожаат этиш мумкин.

  • Тошкент вилояти: Республика наркология маркази
    Рахбари: Бўриходжаев Ғулом Наманович
    (371) 150-78-95 Қибрай тумани, Салар поселкаси, Ором кўч. 1
  • Тошкент ш.: Шахар наркология диспансери
    Рахбари: Мустафин Олег Салаватович
    (371) 277-12-32 Тошкент ш., Чилонзор тумани, Арнасой кўч. 32
  • Тошкент ш.: Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган наркология шифохонаси
    Рахбари: Мухамедов Сирожиддин Зухурович
    (371) 258-77-31 Тошкент ш., Сергели тумани, Л.Назруллаев кўч. 5а
  • Андижон вилояти: Психоневрология диспансери
    Рахбари: Касымов Абдувахоб Одилович
    (374) 237-20-03 Андижон, Ю.Атабеков кўч., 3
  • Бухоро вилояти: Психоневрология диспансери
    Рахбари: Бобокулов Акмал Ахмадович
    (365) 221-75-79 Бухоро ш., Жубор кўч. 65
  • Жиззах вилояти: Вилоят наркология диспансери
    Рахбари: Мелибоев Кахрамон Эшпулатович
    (372) 222-39-60 Жиззах ш. Тогишамол кўч. 5
  • Қашқадарё вилояти: Вилоят наркология диспансери, стационар билан
    Рахбари: Буриев Ойбек Каюмович
    (375) 221-65-33 Қарши ш., К.Садыкова кўч.7/1 (стац.: Қарши тумани Мирмирон)
  • Навоий вилояти: Вилоят наркология диспансери
    Рахбари: Рузиев Навруз Равильевич
    (436) 224-48-31 Навоий ш., Меморлар кўч., 2а 2 корпус
  • Наманган вилояти: Вилоят наркология диспансери
    Рахбари: Рахматуллаев Рустам Тавфикович
    (369) 233-35-19 Наманган ш., Навоий кўч. 70
  • Самарқанд вилояти: Вилоят наркология диспансери, стационар билан
    Рахбари: Кадыров Тахир Мурадкулович
    (366) 222-33-44 Самарканд ш., Али Кушчи кўч.15а (стац.: Самарканд ш., Фарход пос. )
  • Сурхондарё вилояти, Сариасиё тумани: Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган наркология шифохонаси
    Рахбари: Шарипов Ахмад Бурикулович
    Сариасиё тумани, Шарғун ш.
  • Сирдарё вилояти: Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган наркология шифохонаси
    Рахбари: Юлдашев Ойбек Анорбоевич
    (367) 227-37-43 Гулистон ш., О.Ходжаева кўч.41
  • Сурхондарё вилояти: Вилоят наркология диспансери
    Рахбари: Ишбобоев Жума Мадиевич
    (376) 221-49-20 Термиз ш., Ж.Гаиров кўч. 5
  • Тошкент вилояти: Вилоят наркология диспансери
    Рахбари: Хаиткулова Насиба Мамасолиевна
    (370) 664-12-14 Ангрен ш., Лебедков кўч. 20
  • Фарғона вилояти: Вилоят наркология диспансери
    Рахбари: Дадабаев Ойбек Неъматович
    (373) 242-82-41 Фарғона вилояти, Янги-Замон кўч. 8
  • Фарғона вилояти: Шахар наркология диспансери
    Рахбари: Атаджанов Мухаммадамин Мухамедович
    (373) 543-09-14 Қўқон ш., Бурчилик кўч. 5
  • Фарғона вилояти: Шахар наркология диспансери
    Рахбари: Ибрагимов Бобирбек Хамиджонович
    Марғилон ш., Н.Холматова 122
  • Хоразм вилояти: Вилоят наркология диспансери
    Рахбари: Полвонов Гайрат Курбонбоевич
    (362) 374-71-47 Хива тумани, Шамахолум қ.
  • ҚОРАКАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ: РЕСПУБЛИКА ПСИХОНЕВРОЛОГИЯ 2-СОНЛИ ДИСПАНСЕРИ
    Рахбари: Ерназарова Жаксигуль Реимовна
    (361) 223-32-84 Нукус ш, У. Бекманов кўч. 114